Мактабда қандай фанлар ўқитилиши керак?

Мактабда қандай фанлар ўқитилиши керак?

Кунлардан бир кун ахборот сайтлари ўзбек мактаблари дастурига “Пахтачилик асослари” фани киритилгани ҳақида ёзишини тасаввур қила оласизми? Амалиётга дахлдор эмаслиги туфайли астрономия фани ўқув дастуридан олиб ташланиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

Аслида бу тахминларнинг бари ҳақиқатдан узоқ эмас. Ўқувчилар мамлакатнинг келажаги бўлса, улар ўрганадиган фан давлат тараққиёти, келажаги учун шунчалик аҳамиятлидир. Мактаб ўқув дастури мамлакатнинг географияси, иқтисодиёти, маданияти, этник мансублиги, борингки, ташқи сиёсатига боғлиқ, десак, ишонаверинг. Қуйида дунёнинг турли чеккаларидаги мактабларда қандай фанлар ўқитилишини ҳикоя қиламиз.

Японияда: “Табиатдан завқланиш”

Кунчиқар юртнинг мактаб ўқувчилари “Табиатдан завқланиш” дарсида боққа сайрга чиқадилар, табиат гўзаллигидан баҳра оладилар, унинг мўъжизалари билан танишадилар. Дарвоқе, табиатдан завқ олиш учун ҳам болада кузатувчанлик ҳисси бўлиши керак, шундай эмасми? Нима ҳам дердик, электрон технологиялар қўйнида яшайдиган япон болакайлар учун ғоят қизиқарли ва фойдали фан.

Исроилда: “Киберхавфсизлик”

Атрофини душман кайфиятдаги давлатлар ўраб олган яҳудийлар давлати болаларини гўдаклигиданоқ ҳушёрликка ўргатади. “Киберуруш назарияси ва амалиёти” дарсида юқори синфлар компьютер вирусларига қарши курашишни ўрганишади. Ўқитувчиларни эса Исроилнинг разведка хизмати тайёргарликдан ўтказади. Аксар мамлакатларнинг ўқувчилари ижтимоий тармоқда чақчақлашишдан бўшамаётганда, яҳудий болалари нима билан машғуллигини кўряпсизми?

Арманистонда: “Халқ рақси”

Халқона рақслар арманларнинг фахр-ифтихоридир. Арманистонда халқ рақсларининг бир ярим мингдан ортиқ тури бор. Арманистонликлар рақс санъатини болага мактабданоқ ўргатишга қарор қилишди ва 2013 йилдан бошлаб мажбурий фан сифатида ўқув дастурига киритилди. Оёқларни тапиллатиб, мириқиб рақс тушишга нима етсин? Қолаверса, бу жисмоний тарбия фанидан кўра қизиқарлироқ.

Украинада: “Европа чемпионати футболчиларини қабул қилишга тайёргарлик”

Бу фан Евро-2012 чемпионати ўтказилишидан олдин 2010 йилда Украина мактабларига киритилган. Дарсда хорижлик меҳмонларга маҳаллий диққатга сазовор жойлар ҳақида ҳикоя қилиш ҳамда театр ва музейлар тўғрисида гапириб бериш ўқувчиларга ўқитилган. Қисқача айтганда, бу ўқувчилар зарурат туғилганда гидлик қила олар эди, агар дарс қолдирмаган бўлса.

АҚШда: “Илмий кашфиётлар”

Дарсда ўқувчиларга нимадир ихтиро қилиб келиш уй вазифаси этиб тайинланади. Сўнг у ўз ихтиросини синфда намойиш этади, лойиҳанинг долзарблиги ва фойдалилиги муҳокама қилинади. Шунга асосан ўқувчига тегишли баҳо қўйилади. АҚШ илм-фан ва технологиялар соҳасида ўзиб кетганлигининг сабаби мана шу эмасми?

Бошқирдистонда: “Асаларичилик”

Кўпгина мактабларда сичқон, қуён, тошбақа сақланадиган жойли бурчакни учратгансиз. Асалари сақланадиган жонли бурчакни эса фақат Бошқирдистонда учратишингиз мумкин. Асли ўқувчилар уни “жонли бурчак” эмас, “чақадиган бурчак” деб аташса керак, ахир тўзиган асалари галасига яқинлашишга катталарнинг юраги дов бермайди-ку. Шунга қарамасдан бошқирд ўқувчилари қаҳрамонларча асаларичиликни ўрганишади. Дарсда асалари парвариши, асал йиғиб олиш ва саралаш ўқитилади. Бошқирдистонда асалари қути сақлайдиган юзлаб мактабларни учратасиз. Бу фан мактаб дастурига киритилгани бежиз эмас, чунки келажакда болага асқотиши шубҳасиз. Бошқирдларнинг асали эса Россиядаги энг сифатли асал саналади.