Абдулла Қодирий. Нима учун уни эъзозлашимиз керак?

Абдулла Қодирий. Нима учун уни эъзозлашимиз керак?

Абдулла Қодирий. Нима учун уни эъзозлашимиз керак?

Абдулла Қодирийнинг асарларини мутоала қилар эканмиз, ундаги воқеалар, уларнинг ривожи, оқибатда шаклланадиган хулосалар бошқа ҳар қандай асарлардан ўзгача бўлади. Сабаби нимада? Бу саволга жавоб излагунимга қадар икки кун ўтиб кетди. Адибнинг туғилган кунига ўзимча совға қилмоқчи бўлган кичик бир чиқишимни бугун якунладим. Шу билан унинг руҳини ёд олиб, шод қилиш ниятида бўлдим.

Нима учун баъзи асарлар халқнинг юрагига жойлашиб олади? Менинг шахсий фикрларимни қуйида келтирмоқчиман, халқ ўз ривожланиши учун бирор йўналишни топа олса ўша асар эътиборга сазовор бўлади. Агар шу назариям тўғри бўлса Абдулла Қодирийнинг асарлари нимаси билан халқнинг эътиборини қозонди? Сўз унинг икки машҳур асари ҳақида боради, уларни келитиришнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман.

Биринчидан, бу икки асарлар ҳамма ўйлаганидек фақат пок севги ҳақидагина эмас, балки инсоннинг юқори ҳисларига моҳирона ўралган тарзда тақдим этилган сиёсий асардир. Айнан шуни тушунганларидан сўнг советлар Қодирийни қатлиом қилганлар. Бундай “моҳирона ўраш”ни Советлар ҳам аввалида тушунмаганлар, шу сабабдан роман қарийб ўн йил давомида халқ орасида тарқалиб улгурди.

Асар яқин тарихимиздаги юқори лавозимдаги шахслар “давлат” номининг ортига яшириниб олиб, якка шахсларни йўқ қилиб юбора олмасликларини кўрсатиб берди. Яқин тарихни сўзлашнинг жуда хавфли томони бор, бунда янгича назар шаклланади, “нега” деган савол пайдо бўлади, бошқача бўлсачи қабилида таклиф пайдо бўлади. Мана шу жиҳатлар яқин тарихни сўзлашни чегаралайди. Шу боисдан, бу асарлар советлар даврининг илдизига урилган болта эди. Қодирий Худоёрнинг адолатсизлиги унинг ўзининг бошига етганини халққа тушунтириб берди. Худоёр тимсолида Адиб советларни нишонга олган. Бу билан халқдаги турмуш талаблари, адолатга бўлган интилиши оддий гап эмас, балки ижтимоий ва сиёсий масалага айлангани ҳақида белгидир. Советлар адолатсизликнинг рамзи эди, бу билан асар ҳар қандай адолатсизликга таянган давлат охири йўқликга юз тутишини исботлади.

Марҳум устоз шоир Абдулла Орипов бир суҳбатда: “Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони Кумуш ва Отабек эмас, Юсуфбек ҳожи. Агар асарда ана шу муҳташам образ бўлмаганида роман “Минг бир кеча” ҳикояларига ўхшаб қоларди”, деган эдилар.

Асарларда кўтарилган масалалар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Ўша даврдаги қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, порахўрлик бугунги кунда ҳам бор. Яқин тарихимизда ҳам, ҳозирда ҳам юқори лавозим ёки ваколатга эга бўлган баъзи ходимлар “окахон”и бўлмаган шахсни ғажиб ташлашга тайёр турибди. “Окахон”ларсиз тадбиркорлик қилиш мураккаб! Шунинг учун битта, иккита тадбиркор бор, қолган халқ “иш ўрни бер” дейди, “иш ўрни яратай” демайди. “Криша”си бўлмаган майдакашлик билан шуғилланиши керак. Майдакашлик ҳам шунчалик майда бўлиши керак-ки, юқоридагилар унга “қараш”га эринадиган даражада “невигодна” бўлиши керак.

Шукурки, охирги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев очиқлик ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаяпди. Лекин узоқ йиллар давомида ҳам чет, ҳам ички душманлардан зарба еявериб безиб қолган қора халқ учун фақат “қўллаш”нинг ўзи жуда ишонарли бўлмаяпди.

Мисол, бир тўда блогерлар билан Президент расмга тушиб, уларни “менинг дўстларим” деб турганда, бошқа бир блогер фақат айтилган сўз учун “беш минут”да ҳам тергов, ҳам суд, ҳам қамоққа етказиб туришса!

Нега бу гапларга тўхталаяпмиз? Сабаби, ўша пайтда ҳам давлат арбоблари қора халқни саводсизлигидан фойдаланиб, уни эзиб, “шест секунд”да дорга осиб, “рўмолини оғзига тиқиб қўйиши билан” қўрқитиб, халқнинг пластигидаги пулини 30 млн.дан ортиғини “назорат” қилиш ҳоҳишини билдиргани боис уларни Чор Россияси босиб олган эди. Худоёрхон ва унинг валломатлари рус генералининг отхонасида гўнг тозалаб ўлиб кетган, қабри ҳам йўқ дейишади. Бу ҳақида Фанлар академияси бирор илмий лойиҳа билан чиқар бирор кун. Яна билмадим, ўша адолатсиз Худоёрнинг кимга кераги бор! Мана шу романдаги воқеалар бугунги кун арбобларига дарс бўлиши керак. Улар шу икки романни қайта, қайта ва қайта ўқишлари керак. Ундаги севгига эмас, давлат бошқарувига эътиборни кўпроқ қаратишлари керак.

Мана шу икки романни “ёдлаб олиш” десам кўпайиб кетар-ов, ҳеч бўлмаса ўн марта қайта ўқиб чиқмаган юристни судга ҳам, прокуратурага ҳам ишга олмасликлари керак. Чунки ўн марта ўқишга чидаган (у агар одамзотдан бўлса!) халққа ёмонлик қилмайди, ёки ичидан бузулган бўлса бу романнинг охирига ета олмайди, бу аниқ! Бундан кўра чидамай суд, прокуратурага ва ҳокимиятга ишга киришдан бош тортади-қўяди. Бу икки ҳолатда ҳам халқ ютади.

Ўқиб чиқишга чидаганларда “яна қайтиб Россия, Хитой, АҚШ ёки бошқа бирор давлат Ўзбекистонга “кўз олайтириб” келса хар қандай одамни халқдан бошқа ҳимоячиси бўлмайди” – деган хулоса шаклланади. “Кўз олайтириш” дегани уруш қилиш дегани эмас, ҳозирги кунда уруш қилиш қолоқлик, саводсизлик белгиси. Бир давлатни бошқа бир давлат бўйсундириб олиши учун бугунги кунда бошқа кўп “ажойиб” усуллари мавжуд. Эртага Евроиттифоқ бизнинг бирор арбобимизни Гаагадаги судга чақиртирадиган бўлса “кўзи очиқ” халқимиз ўзининг фикрини билдириб қўйиши даражасида саводли бўлиши керак! Миллатимиз якдил бўлиши керак. Бунинг учун эса халқ давлатга, давлат эса халққа таяниши керак.

Барчамиз тушунишимиз керак, халқ ривожланмагунича давлат ривожланмайди. Халқни ривожлантириш ҳар шахсга тегишли тушунча, бу менга тегишли эмас, менга таъсири бўлмайди деган адашади. Мана шу фикрларни Қодирийнинг романларидан топасиз.

Иккинчидан, тарих келажакни белгилаб беради. “Меҳробдан чаён”да Анварнинг ота, онаси ва акаси ҳолатини тасвирлаганда юрагингиз эзилади. Бундай ҳолат бир Анварнинг эмас ўша давр халқининг ҳаёти тасвиридир. Халқ ўз ҳуқуқини талаб эта олмаса, уни саводсиз деб талашнинг оқибати бу – бошқа давлатга қул бўлиб қолмоқдир. Халқ шундай ҳилқат. Уни қўрқитиш мумкин, бир-иккитасини қатл ҳам қилиш мумкин, алдаш мумкин, пулини тортиб олиш мумкин, ёлғончиликга ўргатиш, қулликга тортиш, эзғилаш, топташ, очликга маҳкум қилиш, э, қўйинг-ки, ҳар бало қилиш мумкин. Лекин, инсоният тарихи кўрсатишича халқ қолади, унга ёмонлик қилган кетади.

Унга ҳурматсизлик қилган ҳар қандай одам ўзини ва бутун аймоғини йўқликга юз туттиради. Сталин дейсизми, Гитлерми, бало-баттар дейсизми, буларнинг ҳаммаси тупурги остида қолди. Унинг акси бўлган, халқни деган Алишер Навоий мана ярим минг йилдирки ҳамманинг эъзозида. Байқаро ҳам Навоийни деб одамлар хотирасида қолди. Бўлмаса уни эслашни ҳам ҳожати йўқ эди. Нечта Подшо ўтган? Улардан нечтасини эслайсиз?

Одамнинг биттаси халқ эмас, иккитаси халқ эмас, ўнтаси ҳам халқ номидан гапиришга ҳаққи йўқ. Бундай аҳмоқона саноқни давом эттириш мумкин. Халқ номидан бир дона “доҳий” гапириши мумкин, фақат бир киши фикрлашга ҳаққи бор!  Бир пайтлар бундай “доҳиёна” фикрларни эшитдик. Бунинг ортида халқни талаётганлар ўзининг мудҳиш ишларини қилиши учун беркитиқлиқ ният бор эди.

Бундай аҳмоқгарчиликга йўл қўймаслик учун ривожланган давлатларда ҳуқуқий жиҳатдан “битта шахс ҳам, давлат ҳам тенг” деган қараш мавжуд. Аслида бизнинг Конституцияда ҳам шундай ҳуқуқ белгиланган, лекин буни халқ билмайди. Аксинча, “Ҳукуматники ҳук!” дейишади. Шунда Президентимизнинг фикрини замонавий ёзувчи-арбоблар ўз романларида халққа етказиши керак: “Ундай эмас, ҳукумат халқнинг хизматкори! Давлатга “хизматкор”га қарагандай қаранглар! Сиз давлат эшигига эмас, давлат сизнинг эшигингизга бориб кутиб туриши керак!” – деган фикрларни. Ёзувчи ходимлар бу гапларни айтишда қўрқмасалар бўлади, буни Президент ўз оғзи билан айтгани – рухсат берилди дегани эмасми? Жуда қўрқоқмиз, эҳтиёткормиз. Киноларда кўрамиз – концлагерлар маҳбусларини қатл этгани олиб кетаётганларида ҳамма маҳбуслар саф тортишиб жимгина кетишади. Ҳар бир маҳбус ўзича ўйлайдики: “мен тартибни бузмасам мени конвой отиб ташламайди.” Шундай фикрлар оқибатида бир неча дона фашистлар бир неча минг одамни бемалол “ҳандақ”қа тиқади. Бундай фикрлаш инсон инстиктларининг ичига бичиб-тикилган ҳусусиятлардан бири бўлса керак.

Тарих келажакни белгилаб беради дегани бу – тарихни халққа етказиш билангина уни ривожланишга чорлаймиз деганидир. Қодирий ўша даврнинг яқин тарихини сўзлаб роман ёзиш фаолияти катта ўзгаришларга олиб келди. Нима учун бизнинг даврда яқин тарихимизни сўзлаб роман ёзилмайди? Чунки, “яқин ўтмиш” тарихини билиш ўзгаришларга олиб келади, биз ўзгаришлардан қўрқамиз. Биз ўрта асрлар ҳақида таҳлилий роман ёзишимиз мумкин, лекин яқин ўтмишимиз ҳақида ёза олмаймиз. Бизнинг даврда ўзгаришлар бўлишини ҳоҳламаймиз. “Бошимизни қумга кўмиб олсак бўлди, орқа томон нима бўлса бўлаверсин” қабилида иш тутамиз романчилар!

Учинчидан, Қодирийдаги “Худоёрнинг истинодгоҳи – уламолар”нинг халққа таъсири ҳақида. Уламолар ўша даврнинг таълим пешволари ва ҳуқуқшунослари эди. Уламоларнинг йўналтируви остида адолатсизлик, аҳлоқсизлик, бидъат, хурофот авж олган эди. Бундай ҳолатни Фитрат, Чўлпон, Беҳбудийлар асарларида ҳам акс эттирилганини биламиз ва бу ҳолат маълум вақт ўтиб, эсдан чиқарилиб яна қайтиб келмаслигига Қодирийнинг асарлари долзарб тўсиқлардан бири бўлиб турибди.

Ривожланган мамлакатларда дин инсоннинг маънавий қарашига боғлаб қўйилган. Уларда дин эмас, таълим долзарб. Мана нима учун энг диндор (дини қандай бўлишига қарамасдан) халқлар ҳам ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса ҳам Европа давлатларига етиб олишни орзу қилишади. Фаровон ҳаёт кечиришни ҳоҳлаган халқ таълимни ривожлантиради. Дин бунда ҳамкор бўлади. Нақшбанд айтганидек: “Дил ба ёр-у, даст ба кор!”

Охирги даврларда таълимни жуда пастлаб бораётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Таълим халқ учун “ҳаёт ва маъмот” масаласи. Халқни йўқ қилиб юборадиган омил бу саводсизликдир, уруш эмас, қирғин-барот эмас, айнан таълимнинг йўқ қилинишидир. Саводи йўқ халқни қул қилишнинг ҳам ҳожати йўқ, унинг ўзи қул бўлиб “тирикчилик учун иш сўраб” бош уриб келади. Қоринни тўйғазиш керак-ку! Бугунги мураккаб фан ривожи даврида “квадрат тенглама”ни тушунмаган одам ўзини қайга уриш керак? Албатта, ўзи сал бўлсада тушунадиган, ота-онасидан қолган “қутқарув баллон”ига – диний хурофотга ўзини уради.

Бугунги кунда жамиятда бундай йўналиш аллақачон ўз ўзанини топиб бўлган. Фақат у кучли жалани кутиб турибди холос. Бизнинг бундай ортга қайтишимиздан атрофимиздаги давлатлар фақат хурсанд бўлишади, чунки битта рақобатдош бартараф бўлди деб ўйлайдилар.

Авлоний халқимизни яқин тарихидан хулосани ясаб бўлган: “Таълим ва тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир.” Қандай ажойиб сўзлар! Лекин мана шу сўзларни ўқишни билмайдиганлар учун ҳар қандай хитоб қилинг, бари-бир жарга тушиб кетаётганлигини тушунмайдилар.

Қодирийда “саводсиз” деганда ўқишни билмайдиганларгина эмас, балки яқин ўтмиши ва келажагини кўра олмайдиганлар тушунилади. Чунончи, Худоёрхон, бир ажабдан бўлиб, халқнинг фикрига қулоқ солганида эди, арбоблар ва уламолар ўзини тирик қолиши даражасидага инстинктига қулоқ солганларида эди, мумкин улар отхонада гўнг тозалаб ўлиб кетмаган бўлармидилар?! Саводсизлик деганда мана шу назарда тутилмоқда.

Ҳозирги кунда Президентимиз куюниб турганида баъзи судлар, прокурорлар, ҳокимлар (ҳеч бўлмаганда) ўзининг тирик қолиш инстикти даражасида саводли бўлиб, халқни ривожлантиришга киришсалар, бўлаётган барча ҳодисалар ва воқеаларни халқ нуқтаи-назаридан қарашсалар бунда улар − биринчи ўринда ўзларига яхшилик қилган бўладилар.

Келинг ҳақиқатни бир ўртага ташлайлик, қачон ва қайси (халқни бошқарган – подшоми, амирми, султонми, генсекми) раҳбар пайтида бу қадар очиқ сўзлашлар бўлган? Келинглар тан олиб айтайлик, Шавкат Миромоновични Президент этиб бизга Яратган берди! Унинг умрини Яратган узоқ қилсин, лекин ундан самарали фойдаланиб қолишимиз керак. Ўзлари ташаббус қилганидек: ҳокимларни халқ сайлашини йўлга қўйилса, кейинги навбат суд ва прокурорларни ҳам халқ сайласа ва халқ уларни ишдан олса. Депутатлар ҳам чўнтак партиялардан эмас, халқнинг партияларидан сайланса... Бу таклифларни ва ташббусни ким беряпди? Шу Президентимиз эмасми? Агар юқорида саналган ташаббуслар амалга ошса борми! Шунда мен ҳам бир ташаббусни кўтараман, бу ҳам бўлса – Шавкат Миромоновичга унинг тириклигида олтиндан ҳайкалини ўрнатишдир! Бу ваъда! Кўчада бўйнимга шу чақириқни илиб юраман.

Мана, азизларим, Абдулла Қодирийни ўқисангиз қандай қилиб халқнинг ишқибози бўлиб қолганингизни билмай қоласиз. Халққа яхшилик қилганни бошингизга кўтариб юргингиз келади. А, севгичи? Севги ҳам бор унинг асарларида, лекин ҳақиқий севги бу халқнинг севгисидир! Халқни севганни халқ ҳам севади, эсидан чиқармайди, эъзозлайди. Ҳаммамиз биргаликда халқмиз, ҳар биримиз – ўз ҳаёлларимиз билан, аждодларимиз – уларнинг хотиралари билан, авлодларимиз – уларнинг орзу-истаклари билан халқмиз!

Абдулла Қодирийнинг руҳлари шод бўлсин!

Ma'lumot