Ҳисобот журналининг қалбаки нусхаси контрафакт деб топилди

Ҳисобот журналининг қалбаки нусхаси контрафакт деб топилди

Ҳурматли ҳамкасблар!

kontrafakt Бугун Ўзбекистон Республикаси Интеллетуал мулк агентлигининг 2017 йил 11 октябрдаги 03-13/2666 сон хати олинди. Ушбу Агентликга мен томонимдан мурожаат қилинган эди. Сабаби Ҳисобот журналининг ягона муаллифи камина бўлишига қарамасдан "Spectrum media group" МЧЖ томонидан менинг илмий ишимни кўчириб, муқовани ҳамда муаллифнинг номини ўзгартиргани ҳолда минглаб нусхада босиб сотувга чиқарилгани бўлди.

Интеллектуал мулк соҳасида мутахассис хулосасини берадиган ягона ваколатли давлат ташкилоти ўз хулосасини берди. Унга кўра: 1) "Spectrum media group" МЧЖ томонидан чиқарилган, устига лотин графикасида "2017/2018 yillarga mo'ljallangan Hisobot jurnali" маҳсулоти контрафакт деб топилди. Бу дегани бундай махсулот сотилган жойларда қайта териб олиниб йўқ қилиниши зарурлигини қонун талаб қилади дегани. Бундай журналларни сотиб олганлар, сотиб олинган жойларга бориб (ушбу журналлар ичига ёзувлар ёзилганига қарамасдан) контрафактни топшириб, ўз маблағларини қайтариб олишлари мумкин. Агарда сотувчи томонидан эътироз билдирилса қуйида Агентликнинг хатини рўкач қилишлари мумкин.

Қонун бўйича контрафакт маҳсулотни сотган сотувчи ушбу маҳсулотларни қабул қилиб, сотиб олган жойига қайтариши, ишлаб чиқарган ташкилот бундай маҳсулотларни бир жойга йиғиб, тегишли вакиллар иштирокида ва қонунда кўзда тутилган тартибда йўқ қилиши керак. 2) Харидорлардан қабул қилинган барча пуллар қайтарилиши, муаллифга етказилган зарар қопланиши, унга товон пули тўланиши зарурлиги белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, кимда ким ушбу контрафакт маҳсулотни сотиб олган бўлса, сотувчига тақдим этиб, ўз пулини қайтариб олишлари мумкин. Қуйида контрафакт маҳсулотнинг кўринишини келтирамиз. Контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариш, сотиш, тарқатиш жиноий ҳатти-ҳаракат ҳисобланиб, тегишли жиноий жавобгарликни юзага келтиради. Бугуннинг ўзида тегишли ариза билан ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ҲУЗУРИДАГИ СОЛИҚ, ВАЛЮТАГА ОИД ЖИНОЯТЛАРГА ВА ЖИНОИЙ ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА ҚАРШИ КУРАШИШ ДЕПАРТАМЕНТИга мурожаат қилдим. Ўйлайманки Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз оқибатида адолат юзага чиқади.

"Ҳисобот журнали" муаллифи Анвар Жалолов